БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш: “2021 йилни соғайиш йилига айлантирайлик”

Антониу Гутерриш

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ўтаётган йилга якун ясаб, 2021 йилдаги мақсадлар ҳақида тўхталди.

“2020 йил синовлар, фожиалар ва кўзёшлар йили бўлди. COVID-19 пандемияси ҳаётимизни ағдар-тўнтар қилиб ташлади ҳамда дунёни изтироб ва ғамга буркади. Биз жуда кўп яқинимизни йўқотдик, пандемия эса янги одамларга даф қилиб, янги қурбонларни олиб кетиб, қутуришда давом этяпти. Дунёда қашшоқлик, тенгсизлик ва очлик даражаси ошиб бормоқда. Иш ўринлари йўқолиб, қарзлар кўпайиб боряпти. Айниқса болаларга қийин бўлди. Оиладаги зўравонлик муаммоси кучайиб бормоқда, ҳеч бир жой хавфсиз бўлмай қолди. Аммо олдинда Янги йил турибди. У яқинлашгани сари уфқ ортида янги умид шуълалари нур соча бошлаганини кўряпмиз: одамлар қўшниларга ва бегоналарга ҳам ёрдам қўлини чўзяпти; “олд саф”даги мутахассислар бу иш учун бор куч-ғайратларини сарфлаяптилар; олимлар вакциналарни ўта қисқа муддатда ишлаб чиқаряпти; мамлакатлар иқлим фожиасининг олдини олиш учун зиммаларига янги мажбуриятларни оляпти”, деди БМТ Бош котиби.

Жаноб Гутерришга кўра, 2021 йилда Бирлашган миллатлар ташкилотининг асосий мақсади 2050 йилгача углеродга оид нейтралликни таъминлаш учун глобал коалиция тузиш бўлади.

“Ҳар бир ҳукумат, шаҳар, ширкат ва алоҳида одам бу ғояни амалга оширишда ўз ролини ўйнаши мумкин. Келинг, барчамиз жаъм бўлиб, бир-биримиз билан ва табиат билан ярашиб оламиз, иқлим инқирозини енгамиз, COVID-19 ёйилишини жиловлаймиз ва 2021 йилни шифо йилига айлантирамиз - ўлимларга сабаб бўлувчи вирус оқибатларидан соғайиш йилига, мажолсизланган иқтисодиёт ва жамиятнинг тузалиш йилига, бўлинишларни бартараф қилиш йилига ҳамда сайёрамизни соғайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни бошлаш йилига. Бизнинг 2021 йил учун Янги йил ваъдамиз шундай бўлиши керак. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти номидан ҳаммангизга бахтли ва тинч-осойишта Янги йил тилайман”, деди Антониу Гутерриш.