БМТ комиссияси марихуанани энг хавфли наркотиклар рўйхатидан чиқарди

БМТ комиссияси марихуанани дунёдаги энг хавфли гиёҳванд моддалар рўйхатидан чиқариш ҳақида қарор қабул қилди.

Бу чора Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра кўрилди. 53 та давлат вакиллари иштирок этган комиссияда овозлар қарийб тенг иккига бўлинди: АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари дохил 27 та мамлакат марихуананинг рўйхатдан чиқарилишини ёқлаб, Россия дохил 25 мамлакат эса бунга қарши овоз бердилар. Овоз бериш чоғида Украина тарафсиз қолди.

Экспертлар фикрича, БМТ комиссиясининг мазкур қарори тезкор оқибатга эга бўлмайди, чунки ҳар бир мамлакат гиёҳванд моддалар бўйича ўз сиёсатини ўзи мустақил равишда белгилайди. Бироқ, New York Times газетасининг ёзишича, кўп давлатлар бу соҳадаги сиёсатни белгилашда глобал конвенцияга таянади ва нима бўлган тақдирда ҳам, марихуана борасидаги сиёсатнинг юмшатилиши тарафдорлари фикрича, бу қарор катта рамзий маънога эга бўлади.

АҚШдаги кўплаб штатлар ва дунёнинг анчагина давлатида марихуананинг тиббий мақсадларда ишлатилиши ёки шахсий истеъмолига рухсат берилган ёки бу каби ҳаракатлар жиноят деб қаралмай қўйган.