БМТ: Украинада ҳалок бўлган тинч аҳоли сони 8 мингдан ошди

Россия Украинага бостириб кирганидан бери тинч аҳоли орасида 8 мингдан кўпроқ киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссарининг навбатдаги ҳисоботида қайд этилди.

Тинч аҳоли ўртасида жабрланганларнинг жами сони 21 минг 580 киши бўлди, улардан 8 минг 101 нафари ўлган. Ҳалок бўлганлар орасида 2 127 киши аёл, 488 нафари вояга етмаган болалардир.

“Тинч аҳоли орасида ўлимлар, асосан, ҳаводан берилган зарбалар, жумладан, оғир артилерия, реактив тизимлар ва ракеталар отилиши оқибатида бўлди”, дейилади ҳисоботда.

БМТ Инсон ҳуқуқлари олий комиссарининг Украина бўйича ҳисоботлари ҳар ойда эълон қилиниб борилади. Ҳисоботларда фақат ҳужжатлаштирилган ва тасдиқланган ўлим ҳолатлари келтирилаётгани, аслида ҳалок бўлганлар сони бундан кўпроқ экани таъкидланади.

Ўтган йилнинг мартида Украин армияси озод қилган буча ва Ирпень шаҳарларида камида 700 тинч фуқаронинг жасади топилган эди. Ўша йилнинг мартида Мариуполь драма театрининг Россия томонидан бамбордимон қилиниши оқибатида 300 киши, краматорск вокзалига уюштирилган ҳужумда 50 киши, Часов Ярдаги кўп қаватли уй бомбардимон қилингани оқибатида 48 киши ҳалок бўлган.