Болалар омбудсмани танқиди ортидан Китобдаги Меҳрибонлик уйи раҳбари ишдан олинди

Қашқадарёнинг Китоб туманидаги 5-Меҳрибонлик уйи биноси

Қашқадарёнинг Китоб туманида жойлашган 5-Меҳрибонлик уйини тугатиш керак. Бу мулоҳазани ўтган ҳафта Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида хизмат сафарида бўлиб қайтган болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова билдирган.

Омбудсман матбуот хизмати маълумотига кўра, А. Юнусова Китобдаги мазкур Меҳрибонлик уйини кўздан кечириш чоғида бу ерда болалар жуда ёмон шароитда яшаётгани ҳақида хулоса қилган.

Болалар омбудсмани қайдича, ўрганиш куни муассасада 65 нафар (қизлар 28 нафар) тарбияланувчи бўлган.

Мулозима Меҳрибонлик уйидаги тиббиёт хонаси, стомотолог хонаси, беморларнинг алоҳидалаш хоналарининг таги бетон қопламали бўлиб, заҳкашлиги, болаларнинг бўш вақтини ўтказиш учун етарли шароитлар мавжуд эмаслиги, мебеллар эскилиги, тарбияланувчилар “ўта ёғли ва ўзига хос ҳиди бор” карам шўрвани умуман емагани, озиқ-овқат омборидаги маҳсулотлар сифати бузилгани, ошхонанинг санитария ҳолати яхши эмаслиги ҳамда бошқа камчиликларга эътибор қаратган.

“Ҳолатни чуқур ўрганиш учун туман прокуратурасидан вакил чақирилди ва мавжуд камчиликларни бартараф қилиш юзасидан мутасаддиларга мажбурий кўрсатмалар берилди”, дейилган омбудсман хабарномасида.

Бунинг ортидан Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси болалар омбудсманининг Китобдаги 5-Меҳрибонлик уйи танқидига муносабат билдирди.

Бошқарма қайдича, ҳолат юзасидан ўз вазифасига совуққонлик билан қараган Меҳрибонлик уйи директори ва омбор мудири Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли бандларига асосан ўз лавозимларидан озод этилган.