Болгария Россия элчихонасининг 70 ходимини мамлакатдан бадарға қилмоқда

Болгариядаги Россия элчихонаси.

Болгария Россиянинг 70 дипломатини ва элчихонанинг техник ходимларини мамлакатдан бадарға қилмоқда. Бу ҳақда ТАССга Россиянинг Болгариядаги элчихонаси хабар берди.

Болгариядан бадарға қилинаётган дипломатлар орасида элчининг маслаҳатчиси, Варна ва Рус шаҳарларидаги Россия консуллари, маданий-ахборот маркази директори ҳам бор. Рус шаҳридаги Россия консулхонасининг барча дипломатлари ҳам Болгариядан чиқарилади. Россия элчихонаси Варнадаги консулхона деярли ходимларсиз қолганини билдирди.

Болгария Бош вазири Кирил Петковнинг айтишича, Россия димпломатлари жосусликда гумонланмоқда.

“Бизнинг хизматлар уларнинг Россия махсус хизматлари билан алоқадор шахслар эканини ва мамлакатимиз манфаатларига зид равишда фаолият юритганларини аниқлади”, - деди Петков Болгария миллий телеканалига берган суҳбатида.

ТАССнинг Россия Ташқи ишлар вазирлигидаги манбаси Москва Софиянинг бу ҳаракатига жавоб қайтаришини айтди.

22 июнда Болгария парламенти Петков раислигидаги ҳукуматга ишончсизлик билдирган эди. Шундан сўнг Петков бунинг учун бир қатор сиёсатчилар, жумладан, Россиянинг Болгариядаги элчиси Элеонора Митрофанова айбдор экани тўғрисида баёнот берган.

Европапараст Петков ярим йил олдин Бош вазир лавозимига тайинланган эди. Болгария Россия билан тарихий ва мустаҳкам алоқаларга эга бўлганига қарамай, Петков Кремль Украинага уруш очганини кескин қоралади ва бу масалада ЕИ ҳамда НАТО позициясини қўллаб-қувватламоқда.