Болгарияда президент ва парламент сайловлари бўлиб ўтди

“Биз ўзгаришларни давом эттиряпмиз” коалицияси лидерларидан бири Кирил Петков

Болгарияда 14 ноябрь куни президент ва парламент сайловлари ўтказилди. Давлат раҳбари сайловида, экзитпол натижаларига кўра, амалдаги президент Румен Радев 50 фоизга яқин овоз олган. Унинг консерваторлар номзоди Анастас Гержиковдан қарийб икки баравар кўп овоз йиққани айтилмоқда. 21 ноябрь куни президент сайловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтиши керак. Унда ғалаба қилиш эҳтимоли юқори бўлган Радев Европанинг Кремлга энг яқин лидерларидан бири ўлароқ кўрилади.

Болгарияда парламент сайлови бу йил учинчи бор ўтказилмоқда. Аввал ўтган икки сайловдан сўнг барқарор ҳукумат тузишга муваффақ бўлинмаган. Gallup International экзитполига кўра, сайловда яқинда ташкил этилган “Биз ўзгаришларни давом эттиряпмиз” коалицияси 25 фоиз овоз билан олдинда бормоқда. Унинг асосий шиори коррупцияга қарши курашдир. Собиқ бош вазир Бойко Борисов етакчилигидаги “Болгариянинг европача ривожланишини ёқловчи фуқаролар” партияси ҳам ғалабага даъвогарлик қилмоқда. Айрим экзитполлар ўтмишда ҳукмрон бўлган бу партия биринчи ўринни эгаллаши мумкинлигини кўрсатмоқда. Парламентга социалистлар ҳамда яна 3 ёки 4 партия ўтиши кутиляпти.

Reuters агентлиги суҳбатлашган таҳлилчилар фикрича, ҳукумат тузиш бўйича энг яхши имконият “Биз ўзгаришларни давом эттиряпмиз” коалициясидадир. Бироқ ҳукмрон коалицияни шакллантиролмаслик эҳтимоли ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.

Болгария сўнгги пайтларда жиддий иқтисодий муаммоларга дуч келмоқда, шунингдек, бу мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони ҳам кейинги пайтларда ортиб боряпти. Болгария эмланганлар фоизи Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида энг кам бўлган ўлкалардан бири бўлиб ҳисобланади.