Бош прокуратура ИИВ вазирига арз қилган наманганлик инспектор ҳибсга олинганини тасдиқлади

Сардорбек Отабаев

Ўзбекистон Ички ишлар вазирига тизимдаги қонунбузарликлар ва ноҳақликлар юзасидан видеомурожаат йўллаган Наманган шаҳар ИИБ собиқ профилактика инспектори Сардорбек Отабаев ҳибсга олинган. Бу ҳақда Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.

БП мулозимига кўра, наманганлик инспекторга нисбатан бошқа фукароларнинг номига олинган жами 81,4 миллион сўм кредит маблағларини талон-тарож қилганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168 ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

“Гумонланувчи турли баҳоналар билан терговга келишдан бош тортиб, яширинганлиги сабабли унга нисбатан сиртдан айб эълон қилиниб, 13 ноябрь куни судининг ажрими билан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган ва унга нисбатан қидирув эълон қилинган. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида 14 ноябрь куни айбланувчи ушланиб, ҳимоя ҳуқуқлари таъминланган ҳолда терговга жалб қилинган”, дейилган БП хабарномасида бу иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.

Отабаевга нисбатан прокуратура текшируви бошлаганини аввалроқ Озодликка ИИВ матбуот хизмати раҳбари Ш. Ғиёсов ҳам тасдиқлаганди.

Мулозимга кўра, дастлабки суриштирувни олиб борган Наманган шаҳар прокуратураси “катта лейтенант С.О. жавобгарликдан қутилиш мақсадида, ўзининг раҳбарларидан норозилиги мазмунида видеомурожаат қилгани”ни айтган.

ИИВ тизимидаги адолатсизликлар ҳақида вазир П. Бобожоновга мурожаат билан чиққан собиқ инспектор Сардорбек Отабаев Наманган шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида таниш-билишчилик, қариндош уруғчилик, мансабни суиистеъмол қилиш каби ноқонуний ҳаракатлар авж олганини иддао қилган эди. Аввалроқ наманганлик фаоллар С. Отабаевнинг дараксиз йўқолганини айтган эдилар.