Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов давлат идоралари ва маҳаллий органлари раҳбарлари, таниқли маданият ва спорт вакилларини шахсий намуна кўрсатиб, 22 сентябрь - “Халқаро автомобилсиз кун” тадбирлари доирасида ишга автомобиль ўрнига велосипедда ёки пиёда келишга чақирди.
“Автомобилсиз кун акцияси доирасида #carfreeday_uzbekistan, #shaxsiynamunakursat, #avtomobilsizbirkun хештегларидан фойдаланиб, яна-да кенг аҳолини қамраб олишни таклиф этаман. Зеро бу каби тадбирларни ўтказиш мамлакатимизда йўл харакати хафсизлигини яна-да такомиллаштириш, шаҳар аҳолиси ўртасида экологик маданият ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни мақсад қилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам ўз тавсияларида жисмоний фаолликни ошириш инфекцион, юрак-қон томир, саратон ва қандли диабет касалликлар профилактикасида муҳим ўрин тутишини таъкидлайди. Шундай экан, фикримча, айни дамда дунёда пандемия билан боғлиқ вазиятда бундай акциянинг ўтказилиши айни муддаодир”, деган А. Абдуҳакимов ўз мурожаатида.
Чоршанба куни Ўзбекистон ҳудудларида, маҳаллаларда яшовчи уюшмаган ёшлар ўртасида ҳам велосипед, скейт ва самокатларда учиш мусобақалари ташкил этилиши айтилган.
Азиз Абдуҳакимов ўтган йили ҳам давлат амалдорларини велосипедда юришга тарғиб қилгани ҳақида аввалроқ хабар қилинган. Ўшанда Ўзбекистондаги бюджет ташкилотлари ходимлари расмий Тошкент талаби билан ҳокимлар томонидан велопойгага чиқишга мажбурланаётгани хусусида Озодликка кўплаб шикоятлар келиб тушган.