Боёвут қишлоқ хўжалик бўлими етакчи мутахассиси иш хонасида ўзини осиб қўйди

Иллюстратив сурат.

Сирдарё вилоят прокуратураси Боёвут туман қишлоқ хўжалиги бўлими етакчи мутахассиси Т. Б., иш кабинетида осилган ҳолда топилгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни тасдиқлади.

Вилоят прокуратурасининг 22 июнда хабар беришича, воқеа 13 июнь куни бўлган. Т.Б.,нинг жасади қишлоқ хўжалиги бўлими маъмурий биносининг иккинчи қаватидаги бўш хонада топилган. Прокуратуранинг билдиришича, у “иши билан боғлиқ бўлмаган ва ҳозирда аниқлик киритилаётган шахсий муаммолари сабабли ўзини хона эшигининг тўсинига сиртмоқ билан бўйин қисмидан осиб, ўз жонига қасд қилган”.

Мазкур ҳолат юзасидан Боёвут туман прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Боёвут туман қишлоқ хўжалиги бўлими етакчи мутахассиси Т.Б.,нинг ўз жонига қасд қилишишига онлайн қимор ўйинларида катта миқдорда пул ютқазиб қўйгани сабаб бўлган, деган таҳминлар илгари сурилган эди.

Бундан аввал Ўзбекистон маҳаллий матбуотида Ўзбекистон ёшлари орасида онлайн қиморга муккасидан кетганлар тобора кўпайиб бораётгани тўғрисидаги мақолалар пайдо бўлган эди.

Мақолаларда қиморда катта пул ютқазиш оқибатидаидан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳам таъкидланган. Жумладан, Фарғона давлат университети ўқитувчиси, 30 ёшли Р.Б., онлайн қиморда ютқазгач, ўз жонига қасд қилган.