БП: Чилонзорда 58 туп дарахт ноқонуний равишда кесиб ташлангани юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги ҳудудда қурувчи ташкилот томонидан 58 туп ҳар хил турдаги дарахтлар қонунга хилоф равишда кесиб юборилгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди, дея маълум қилди Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.

Мулозимга кўра, дарахтлар кесилиши оқибатида табиатга 797 миллион 700 минг сўм миқдорида зарар етказилган.

Текширишлар ортидан дарахтлар кесилиши учун масъул кўрилаётган Dream House Stroy ташкилоти мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилмоқда.

Бу орада Давлат экология қўмитаси Тошкентнинг Учтепа туманидаги Лутфий ва Катта Хирмонтепа кўчалари кесишмасида жойлашган ҳудудда “GORODA STROY” МЧЖ томонидан 42 туп дарахт ноқонуний кесиб ташлагани аниқлагани ҳақида маълумот тарқатди. Қўмита қайдича, бунинг оқибатида эса ўсимлик дунёсига жами 425 миллион 100 минг сўм миқдорида зарар етказилган. “GORODA STROY” вакиллари ҳолат юзасидан изоҳ беришдан бош тортишган.

“Тошкент шаҳар Экология бошқармаси тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, жорий йилнинг 6 сентябрь куни Тошкент шаҳар прокуратурасига ҳуқуқий баҳо бериш учун тақдим қилган”, дейилган экология қўмитаси хабарномасида.