БП Dili.me тахаллуси билан танилган вайнер Дилшод Ўрозбоев қўлга олинганини тасдиқлади

Вайнер ва инстаблогер Дилшод Ўрозбоев

Ўзбекистонда Dili.me тахаллуси билан танилган вайнер ва инстаблогер Дилшод Ўрозбоев ушланиб, терговга жалб қилинган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ўз телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Хабарномада қайд этилишича, вайнер ўз шериклари билан биргаликда “жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан фуқаро П.А. ни уриб, тан жароҳати етказишган”.

Ҳолат юзасидан Яшнобод туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Ҳ. Шамсутдинов мазкур жиноят иши бўйича гумонланаётган Д. Ўрозбоев бир неча маротаба чақиртирилишига қарамасдан терговга келишдан буйин товлаб келгани, шу важдан унга нисбатан қидирув эълон қилингани, олиб борилган тезкор-қидирув ҳаракатлари давомида вайнер 10 март куни қўлга олинганини билдирган.

БП мулозими ҳолат юзасидан Яшнобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини қўшимча қилган.

Маҳаллий матбуотдаги хабарларга қараганда, Д. Ўрозбоев ва шериклари калтаклагани айтилаётган шахс вайнернинг куёви (синглисининг эри) бўлиб ҳисобланади.