БП: Нукус воқеалари бўйича судланган Пўлат Шамшетов юрак хуружидан вафот этган

Ўзбекистон Бош прокуратура биноси

Ўзбекистон Бош прокуратураси Нукус воқеалари бўйича судланган Пўлат Шамшетов ўлими юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертизаси натижасини эълон қилди. Унга кўра, марҳум ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган.

Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига қарашли 4-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳкум Пўлат Шамшетов (Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ собиқ ходими) вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура бу хабарни тасдиқлаб, ўлим сабабини очиқлаган.

Қайд этилишича, ҳодиса жойи Бухоро вилояти прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи, вилоят ИИБ бошлиғи, суд-тиббий экспертиза мутахассислари ва холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Мазкур кўздан кечириш жараёнида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича (Омбудсман) Бухоро вилояти минтақавий вакили, Пўлат Шамшетовнинг адвокати ва яқин қариндошларининг ҳам иштироки таъминланган.

Ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳининг дастлабки маълумотига кўра, марҳум ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган.

“Ҳозирда Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган БП хабарномасида.

Пўлат Шамшетовга 2 июль куни “одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилгани ва ўзи уларнинг фаол иштирокчиси бўлгани”га оид айблов қўйилганди.

Жорий йилнинг 31 январь куни Бухоро вилояти судида ўқиб эшиттирилган ҳукмга мувофиқ, Пўлат Шамшетов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан ЖКнинг 45- ва 57-моддалари қўлланилиб, 3 йил мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.