Британия ва ЕИ Брекзит бўйича савдо шартномаси тузишди

Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Брекзитдан кейин савдо шартномасини тузишга эришишди. Бу келишув Лондон ва Брюссель ўртасида бизнес юритишнинг бўлажак тартиби ва балиқчилик ҳуқуқи бўйича узоқ давом этган баҳс-мунозараларга якун ясади.

Британия халқига 2016 йилдаги референдум чоғида берилган ваъдаларнинг барчаси бажарилди”, дейилган Британия ҳукумати баёнотида.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенга кўра, келишув умумий бозордан адолатли фойдаланишга ва балиқчилик бўйича мавзун шароитни таъминлашга имконият яратади.

Британия ва ЕИ ўртасидаги савдо битими ноль қийматидаги тариф ва квоталарга асосланган. Шартнома 2021 йилнинг 1 январидан кучга кириши керак. Агар бу шартномани тузишга эришилмаганида, томонлар барча бож тўловлари ва квоталарни қўллаш билан Жаҳон савдо ташкилоти тартиб-қоидаларига кўра битим тузиши керак бўларди. Бу эса бизнесда йўқотишларга ва ишсизлик даражасининг ортишига олиб келиши мумкин эди.

2019 йилда Британия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги товар айланмаси 668 миллиард фунт стерлингни (тақрибан 900 миллиард АҚШ доллари) ташкил қилган.

2016 йил ёзида британияликлар Европа Иттифоқидан чиқиш учун овоз берганлар. ЕИга 1973 йили қўшилган Буюк Британия мазкур иттифоқни тарк этган илк мамлакат бўлди.

Брекзит мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиши ва ЕИ қонунларининг Британия қонунларига алмаштирилишини кўзда тутади.

Британиянинг ЕИдан чиқиши шартларига оид музокаралар 2017 йил июнида бошланган бўлиб, даставвал бу музокаралар икки йил давом этиши мўлжалланган, бироқ бир неча бор бу муддат чўздирилган.

Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тереза Мэй Европа Иттифоқи билан икки йил музокара олиб борган. У томонидан тузилган битим уч марта Британия парламенти томонидан рад этилган ва бош вазир истеъфосига сабаб бўлган. Мэйнинг ўрнига келган Борис Жонсон қиролликни ҳар қандай ҳолатда ҳам (шартнома тузган ёки тузмаган ҳолда) ЕИдан чиқаришни ваъда қилганди.