Бурятияда ҳарбийларнинг хотинлари эрларини Украинадан қайтаришни талаб қилишмоқда

Эрларини Украинадаги урушдан қайтаришни сўраб республика раҳбариятига мурожаат қилган бурятиялик аёллар

Бурятияда ҳарбий хизматчиларнинг хотинлари эрларини уйга қайтаришни илтимос қилиб, республика раҳбари Алексей Циденовга мурожаатнома йўллашди. Ҳарбийлар январь ойида “машқлар”га жўнаб кетишган, аммо ҳозир улар Украинада, дея маълум қилди акция иштирокчиларидан бири бўлмиш Вера Партилхаева Озодликнинг “Сибир.Реалии” лойиҳасига.

“Улар 24 февралдан бери махсус амалиётда қатнашишмоқда. Руҳий ва жисмоний жиҳатдан ҳолдан тойишган. Ҳаммалари енгил ва ўртача контузия олганлар”, дейишган камера қаршисида ҳарбийларнинг аёллари.

Уларга кўра, аскарлар тўрт ойдан бери ҳарбий-дала шароитида яшаб келишяпти, кўпчилиги шамоллаган.

“Бунақа гапларни телевидениеда айтишмайди! Қўрқишади, чунки “овозингни чиқарма!” деб буйруқ беришган. Бу адолатсиз урушдаги ҳар бир ҳарбийнинг ўлими сизларнинг виждонингизга ҳавола! Биз ўғилларимиз ва эрларимиз ватанга қайтарилишини талаб қиламиз”, деб ёзган Верта Партилхаева ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали Бурятия раҳбари Алексей Циденовга мурожаат қиларкан.

Унинг айтишича, мурожаатномага Тациндаги бешинчи танк бригадасида хизмат қилувчи ҳарбийларнинг хотинлари имзо чекишган. Манбаларда ушбу бригаданинг камида 30 нафар аскари ҳалок бўлгани айтилади.

“Сибирь.Реалии” маълумотига кўра, бурятиялик 184 аскарнинг ўлими тасдиқланган. Республика қурбонлар сони бўйича Россия ҳудудлари орасида иккинчи ўринда турибди. Россия Мудофаа вазирлиги ушбу маълумотларга расман изоҳ берган эмас. Бурятиялик аёллар мурожаатига ҳам ҳукумат вакиллари томонидан ҳали муносабат билдирилганича йўқ.