Когонда тупроқ ўпирилиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида 16 ноябрь куни сув қувурлари ётқизиш учун қазилган ҳудудда тупроқ ўпирилиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, ҳодиса соат 14:50 да “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Дўстлик” кўчасида юз берган. Сув қувурларини ётқизиш учун 5–6 метр чуқурликда, эни 3 метр оралиғида ковланган ҳандақда ишлаётган “61-автокорхона” МЧЖнинг икки ишчисини тупроқ босиб қолган.

Воқеа жойига ФВБ, ИИБ, ССБ ва прокуратура раҳбарияти ва тезкор-тергов гуруҳи чиққан. Мазкур ҳодиса юзасидан дастлабки тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда иш пайтида техник хавфсизлик қоидаларига амал қилинмагани ортидан бу каби воқеалар тез-тез содир бўлиб туради.

Жумладан, 12 июнь куни Навоий вилоятидаги ташландиқ конда тўрт йигит ноқонуний олтин ковлаётган пайтда ҳалок бўлган. 26 июнда Урганч туманида сув таъминоти идорасининг икки ходими оқова сув қудуғида токсик газдан заҳарланиб ўлган.