Давлат статистикаси: Ўзбекистонда ҳар 4 чақалоқдан фақат биттаси она сути билан озиқланади

Ўзбекистонда 40 фоиз аёллар туғруқдан сўнг бир соат ичида фарзандини кўкрак сути билан озиқлантирган. Ҳар 4 чақалоқдан фақат биттаси (25 %) 6 ойгача фақат она сути билан озиқланган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси вакиллари Миллий матбуот марказида Мультииндикатор кластер кузатувлари натижаларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.

Статистика қўмитаси кузатув натижаларига кўра, 21 фоиз туғруқлар кесарево жарроҳлик амалиёти ёрдамида амалга оширилганини аниқлаган.

Бундан ташқари 5 ёшгача бўлган 7 фоиз болаларнинг бўйи ўсишдан ортда қолган. Статистика қўмитасининг иддао қилишича, бу кўрсаткич 2006 йилги кузатувда 14,6 фоизни ташкил қилган.

“Кузатув ўтказилган уй хўжаликларида болаларнинг 3 фоизи биологик ота-оналари билан яшамайди. Ортиқча вазн 5 ёшгача болаларнинг 5 фоизида (ўғил болалар 5 %, қиз болалар 4 %) кузатилмоқда. 2006 йилда ўтказилган кузатувда бу кўрсаткич 7 фоизни ташкил этган”, дейилади билдирувда.

Ўзбекистонда беш ёшга тўлмасдан вафот этиш кўрсаткичи ҳар 1000 нафар янги туғилган чақалоққа нисбатан 25 тани ташкил этмоқда.

Статистиканинг билдиришича, 2006 йилда ўтказилган кузатув натижаларида бу кўрсаткич 57 нафарни ташкил этган.