Ўзбекистонда гўдаклар ўлими кўпайди

Ўзбекистонда 9 миллион туғиш ёшидаги аёлга 227 та туғруқхона хизмат кўрсатади.

Ўзбекистонда 2021 йилда гўдаклар ўлими 2020 йилга нисбатан 160 тага кўпайди ва 7 214 тани ташкил қилди. Бу ҳақда 28 сентябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати Кенгаши мажлисида маълум қилинди.

Сенат матбуот хизматининг билдиришича, бунинг асосий сабабларидан бири ҳудудларда 2018-2022 йилларда болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат дастури камчиликлар билан ижро этилаётганидадир.

Бундан ташқари йиғилишда ҳомиладор, туғувчи, туққан аёллар ва янги туғилган чақалоқларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш мақсадида республикадаги туғруққа ёрдам берувчи муассасаларнинг моддий-техника базасини халқаро стандартларга мувофиқ мустаҳкамлаш ва зарур дори воситалари билан таъминлаш масаласи тўлиқ бажарилмагани ҳам қайд этилди.

Сенатга маълум қилинишича, Ўзбекистондаги 17,5 миллиондан ортиқ аёлнинг 9,1 миллиони туғиш ёшидадир. Уларга 227 та туғруқхона хизмат кўрсатади. 18 нафаргача бўлган болалар сони 11,3 миллион бўлиб, улар учун 238 та болалар даволаш-профилактика муассасалари хизмат кўрсатмоқда.

2022 йилнинг 8 ойи давомида 9,1 миллион нафар туғиш ёшидаги аёлдан 6,7 миллиони (74,1 фоизи) тиббий кўрикдан ўтказилган, улардан 2,9 миллионида (42,9 фоизи) экстрагенитал касалликлар аниқланган.

Йиғилишда бу борадаги муаммоларни бартараф этиш учун ишчи гуруҳи ташкил этилди. Ишчи гуруҳ бир ой муддатда мазкур йўналишда ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолат бўйича ўрганишлар ўтказиб, 1 ноябрга қадар Сенат Кенгашига аниқ таклиф киритиши белгиланди.