Иссиқкўлда Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси бўйича музокаралар ўтмоқда

Чўлпонота шаҳрида 9 август куни Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматларининг чегараларни аниқлаш бўйича ишчи гуруҳлари музокараси бошланди.

Қирғизистон Министрлар кабинетининг чегара масалалари бўйича махсус вакили Назирбек Бўрубаевнинг айтишича, 17 августгача давом этадиган сўзлашувларда чегаранинг аниқланмаган қисмлари муҳокама этилади.

“Икки давлат ўртасидаги чегаранинг 1170 километри аниқланиб, бу борада келишувга эришилган. Қолган ҳудудларни аниқлаш масаласи муҳокама этилади. Ўзбекистон билан чегарани шу йил охиригача тўлиқ аниқлаб бўлишга ҳаракат қилмоқдамиз”,-деди расмий.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасининг узунлиги 1378 километр бўлиб, унинг 1170 километри, яъни 85 фоизи 2017 йилда, яна 13 фоизи 2021 йилнинг февралида аниқланиб бўлингани маълум қилинган. Айни пайтда баҳсли бўлиб қолаётган 2 фоиз ҳудуд масаласида музокаралар ўтказилмоқда.

Ўтган ҳафтада Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқин ойларда Қирғизистонга расмий сафар билан келишини билдирган эди. Чегара бўйича ҳужжат мана шу ташриф доирасида имзоланиши мумкинлиги таҳмин қилинмоқда.