Чегара можаролари ортидан қирғиз депутатлари КХШТдан чиқиш масаласини кўтарди

Қирғизистон парламенти депутати Айбек Осмонов

Қирғизистон парламенти Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитасининг 10 майдаги йиғилишида депутатлар мамлакатнинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) аъзолиги масаласини кўтарган.

Қўмитанинг айрим аъзолари КХШТни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида юз берган қуролли можарога нисбатан муносабат билдирмагани учун танқид қилган. Хусусан, депутат Айбек Осмонов “КХШТга аъзо бўлиш Қирғизистон учун қанчалик зарур?” дея савол ташлаган.

“Бир мамлакат иккинчисига очиқчасига ҳужум қилганида КХШТ буни эътиборсиз қолдирди. Бу ҳолатга биз нима деймиз ёки ичимизга ютиб кетаверамизми? Унда КХШТга нега кирдик биз? Агар бу шунақа адолатсиз ташкилот экан, биз унда бўлмаслигимиз керак, деб ҳисоблайман”, деган депутат.

КХШТ 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, унга Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Арманистон, Тожикистон ва Беларусь киради. Ташкилотнинг мақсади “тинчликни, халқаро ва минтақавий хавфсизлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлаш, аъзо давлатларнинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини коллектив асосда ҳимоя қилиш” экани айтилган.

Расмий маълумотларга кўра, 28-30 апрель кунлари Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида юз берган қуролли можарода Қирғизистоннинг 189 нафар фуқароси жабрланган, улардан 36 нафари ҳалок бўлган. Тожик ҳукумати 19 киши ҳалок бўлгани ва 87 киши яраланганини маълум қилган.

Тўқнашув оқибатида Боткен вилояти қишлоқларида 78 та уй, 2 мактаб, фельдшерлик-акушерлик маскани, 3 чегара заставаси, болалар боғчаси, 10 та АЁҚШ, ички ишлар бўлими биноси ва 8 та дўкон ёниб кетган.

Тожикистон ҳукумати томонидан 3 май куни эълон қилинган маълумотга мувофиқ, Исфаранинг уч жамоатида 14 та уй буткул ва иккита уй қисман вайрон бўлган, Овчи Қалач қишлоғидаги ўрта мактаб ва битта уй қисман зарар кўрган.

Икки мамлакат можарода бир-бирини айбламоқда, Қирғизистон ва Тожикистон прокуратуралари эса чегарадаги ҳодисалар бўйича қарши тараф фуқаролари устидан оғир моддалар билан жиноят ишларини очган.