Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидаги иккита ўтказиш пункти фаолияти қайта тикланиши кутилмоқда

Туркманистоннинг Лебап ва Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятлари орасидаги Фароб чегара маскани.

Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидаги "Хўжайли" ва "Шовот" чегара ўтказиш пунктларида 26 ноябрдан бошлаб контактсиз юк ташувлари йўлга қўйилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги 25 ноябрь куни маълум қилди.

Расмий хабарда айтилишича, мазкур чегара пунктларини халқаро юк ташиш учун очилиши тўғрисидаги келишувга 18 ноябрь куни бўлиб ўтган ўзбек - туркман ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилишида эришилди.

25 ноябрь куни “Хўжайли – Куня-Ургенч” ҳамда “Шовот – Дашогуз” чегара ўтказиш пунктларида юк ташишни контактсиз алмашиш йўли орқали ташкил этиш бўйича синов ўтказилди.

Бу икки чегара пункти коронавирус пандемияси сабаб амалиётга жорий этилган чеклов чоралари натижасида 2020 йилда ёпилган эди.

Шу кунгача халқаро юк ташувлари Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидаги фақат битта - "Олот" чегара ўтказиш пунктида амалга оширилаётган эди.