Тожикистон ва Қирғизистон Чегара хизматлари раҳбарлари музокарасидан сўнг ҳам отишма тўхтамади

Чегарадаги отишма бўлаётган ҳудуд Тўрткўча деб номланади.

Тожикистон ташаббуси билан маҳаллий вақт билан соат 21:45 да Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати бошлиғи Уларбек Шаршеев ва Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати бошлиғи Режабали Раҳмонали телефон орқали музокара ўтказди. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати билдирди.

Расмий билдирувда Тожикистон ўқ отишни тўхтатиш таклифини киритгани, бироқ маҳаллий вақт билан соат 22:30 да ҳам чегарадаги отишмалар давом этаётгани таъкидланган.

Аввалроқ Тожикистон ҳам, Қирғизистон ҳам отишма ҳудудидаги қишлоқлардан аҳоли эвакуация қилинаётганини билдирган эди. Отишмада томонлар ҳар доимгидай бир-бирини айбламоқда.

Икки давлат ўртасидаги отишма маҳаллий вақт билан соат 19:30 (Тошкент вақти билан соат 18:30) да бошланган.

Қирғизистон Чегара хизмати 27 январь соат 20:30 да қирғиз-тожик чегарасидаги вазият кескинлашгани тўғрисида хабар берди. Билдирилишича, Тожикистон томони миномёт ва гранатомётлардан ўқ отмоқда. Тожикистон томони бу борада маълумот бермади.