Чехияда украиналиклар машқ қилган полигонда портлаш содир бўлди

Чехия шарқида жойлашган Либава ҳарбий полигонида портлаш содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш натижасида 9 киши яраланган. Икки киши санитария вертолёти билан касалхонага эвакуация қилинган. Воқеа жойига “тез ёрдам” машиналари етиб борган.

Чехия армиясининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида полигонда номаълум снаряд портлагани айтилган. Портлаш содир бўлган жойда ҳарбий полиция иш олиб бормоқда.

Либава ҳарбий полигони Прага шаҳридан тақрибан 250 километр олисликдаги Оломоуц шаҳри яқинида жойлашган. 1949 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган бу полигон майдони қарийб 235,5 квадрат километр келади, дея хабар қилди iDnes. Жабрланганларнинг ҳаммаси ҳарбий бўлиши мумкин: полигон ҳудудига фуқаровий шахсларнинг кириши чекланган.

“Чех радиоси”нинг хабар қилишича, полигонда украиналик ҳарбийлар ўқ отишни машқ қилиб, тиббий ва тактик тайёргарликдан ўтаётган эди. Мазкур машқлар портлаш содир бўлган пайтда ҳам ўтаётган эдими, уларда ким иштирок этаётганди — булар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.