Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида 16 январь куни фаоллар жорий ой бошида мамлакатда юз берган воқеалар юзасидан мустақил комиссия тузилганини эълон қилишди. Улар мамлакат раҳбариятини сиёсий ислоҳотлар ўтказишга ва фуқароларнинг тинч йиғилишларига тўсқинлик қилмасликка чақиришган.
Қарийб 20 кишидан иборат фаоллар гуруҳи 14 январь куни январь воқеаларини тафтиш қилиш бўйича мустақил комиссия тузган олмаоталик жамоатчилик фаоллари ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирган. Олмаота комиссияси қўлга олинганлар, бедарак йўқолганлар, ярадорлар ва ўлдирилганлар ҳақида маълумот йиғиш ҳамда жабрланганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўзининг асосий вазифалари ўлароқ белгилаган.
Чимкентлик фаоллар, прокуратура 225 киши қурбон бўлганини эълон қилган бўлса-да, шаҳарлар бўйича алоҳида маълумот йўқлиги, исм-фамилиялар очиқланмаганига эътибор қаратишган.
Чимкент комиссиясига етти киши раисдош этиб сайланган. Фаоллар бир киши раис этиб белгиланган тақдирда унга босим ўтказишлари муқаррарлигини таъкидлашмоқда.
Комиссия президент Қасим-Жомарт Тоқаев, БМТ ва халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотларига мурожаатнома билан чиқиб, унда январь воқеаларини диққат билан тергов қилишга, қўлга олинган фаолларнинг қийноққа солинганига оид маълумотларни ўрганишга, талончилик ва бузғунчилик қилмаган фуқароларни озод этишга, кучишлатар идоралар фаолиятига баҳо беришга чақирган.
“Чимкентда Эргали Қулбаев, Нурлибай Татаев, Карим Ҳайдарбеков, Молдабой Садибеков каби фаоллар жиноий тергов доирасида ушланган. Биз январь воқеалари вақтида улар қаерда бўлишганини биламиз. Чунончи Қулбаев безорилик қилмаган, ҳеч қаерга ўт қўймаган, аксинча, бунақа бебошликка қарши бўлган. Қўлимизда видео ва аудиодалиллар мавжуд”, деган комиссия аъзоси Габит Оразимбетов.
Комиссия аъзолари орасида юристлар ва адвокатлар бор.
Аввалроқ халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари Қозоғистонда январь ойи бошида кузатилган воқеалар ҳамда қўлга олинганлар тақдири ҳақида маълумот беришда шаффофликнинг йўқлиги юзасидан бир неча бор ташвиш билдирган эдилар.