CNN: АҚШ Украинага қурол-аслаҳа ва ҳарбий маслаҳатчилар йўллаши мумкин

“Жавелин” русумли танкка қарши мажмуа (архив сурати)

АҚШ президенти Жо Байденнинг маъмурияти Украинага қўшимча қурол-аслаҳа ва ҳарбий маслаҳатчиларни йўллаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда CNN телеканали АҚШ ҳукуматидаги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Телеканал манбасига кўра, Киевга ҳарбий ёрдамнинг янги пакетида “Жавелин” танкка қарши мажмуалари ва минометлар бўлиши мумкин. Қўшма Штатлар Украинага “Стингер” кўчма зенит-ракета комплексларини ҳам йўллаш имкониятини кўриб чиқяпти.

Оқ уй бу борада изоҳ беришдан бош тортган. CNN хабарига мувофиқ, маъмурият Вашингтоннинг бу қадами Москва томонидан вазият эскалацияси ўлароқ кўрилиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

Аввалроқ Қўшма Штатлардаги қатор ОАВ АҚШ разведкаси Россиянинг Украинага бостириб кириши эҳтимоли бор, деб ҳисоблаётгани ҳақида хабар қилишган. Bloomberg агентлиги манбалари иддаосича, Москва ҳужумни Беларусь ҳудуди ва аннексия қилинган Қрим ҳудудидан бошлаши мумкин. Ҳужумда юз минг кишидан иборат 100 та гуруҳ иштирок этиши тахмин қилинмоқда.

Украина Мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов ҳужум 2022 йилнинг январь ёки февраль ойида бошланиши мумкинлигини айтган.

Кремль ҳужумга оид хабарларни ёлғон эканини урғулаб, бу ҳақдаги иддаоларни рад этган.