CPJ тожикистонлик журналист Абдуллоҳ Ғурбатийнинг қамалишини кескин қоралаб чиқди

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Тожикистон расмийларини журналист Абдуллоҳ Ғурбатийни зудлик билан озод қилиш ва унга чиқарилган ҳукмни ноқонуний деб топишга чақирди, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

Жорий йилнинг 4 октябрь куни Душанбе суди Ғурбатийни 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилишга оид ҳукм чиқарган. Мамлакат Жиноят кодексининг учта моддасида айбланган Абдуллоҳ Ғурбатий билан бирга унинг ҳамкасби Далер Имомали ҳам ҳибсга олинган, бироқ унинг суди ҳали бўлиб ўтгани йўқ.

Ғурбатийнинг ўзи судда айбловни тан олган эмас. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасига кўра, Тожикистон расмийларига Ғурбатийнинг ижтимоий журналистика соҳасида машҳур бўлиб кетгани ёқмаган, шу важдан унга мазкур ҳукм чиқарилган.

26 ёшли мустақил журналист ва блогер Абдуллоҳ Ғурбатий сўнгги ойларда Далер Имомали билан биргаликда ижтимоий мавзуларда танқидий видеолавҳалар тайёрлаш билан шуғулланган, фуқароларнинг расмийлардан шикояти ҳамда ижтимоий муаммоларни ёритиб келган.

CPJ қайдича, Ғурбатий ва Имомалининг маҳаллий турғунлар муаммоларига оид репортажлари ёйинланиб келган Youtube-канали Тожикистон учун ғайриодатий бўлиб, ойдан-ойга машҳур бўлиб борган ва ҳозирда 150 минг чоғли обуначига эга.

Аввалроқ Ғурбатий “Азия-Плюс” ахборот агентлиги, “Пайк” ҳафталиги мухбири бўлган, Тожикистон Журналистик тадқиқотлар марказида ишлаган. 2020 йил май ойида у тасвирга олиш чоғида икки марта ҳужумга учраган.

Тожикистонда сўнгги беш ой ичида 7 нафар блогер ва журналист қўлга олинган, улардан икки нафари қамалган. Бошқа бир қанча журналист ўзи ва оиласига босим бўлаётгани, мобил телефон ва ноутбуклари ноқонуний равишда мусодара қилингани ҳамда “огоҳлантирув” олганларидан шикоят қилган.