CPJ Қирғизистон референдумини ёритган журналистларга таъқибларни тергов қилишга чақирди

Қирғизистонда 11 апрель куни Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум ўтган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists, CPJ) Қирғизистон ҳукуматини 11 апрель куни мамлакат бўйлаб ўтказилган умуммиллий референдумни ёритган мустақил нашрлар журналистлари таъқиб қилинганини тергов қилишга чорлади.

Оммавий ахборот воситалари эркинлигини кузатиб борувчи ташкилоти 13 апрель куни эълон қилган баёнотда полиция Ўш шаҳрида ва пойтахт Бишкекда овоз бериш жараёнини ёритаётган камида тўрт журналистни ҳибсга олгани эътироф этилди. Шунингдек, Ўшда камида бир журналистга сайловни кузатаётганлар ҳужум қилган.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё дастури координатори Гулноза Саид Қирғизистон ҳукумати полиция журналистларни ҳибсга олганини тергов қилиши ва «барча матбуот аъзолари давлат аҳамиятига эга воқеаларни эркин ва хавфсиз тарзда ёритиб боришини» таъминлаши кераклигини айтди.

«Агар Қирғизистондаги сайловлар эркин, адолатли ва қонуний деб топилиши учун журналистлар уларни эркин ва қамоқ ва таъқиблардан қўрқмаган ҳолда ёрита олиши керак», - деди у.