Дамашқ Киев билан дипломатик алоқаларни узди

Башар Асад (чапда), Владимир Путин (ўртада) ва Сергей Шойгу (ўнгда) Хмеймимдаги Россия ҳаво базасида, 2017 йил 11 декабри

Башар Асад бошчилигидаги Сурия ҳукумати Украина билан дипломатик алоқаларни узишга қарор қилган. Мазкур қарор, SANA агентлигининг хабарига кўра, Киев Дамашқ билан дипломатик алоқаларни узишини очиқлагани ортидан қабул қилинган.

Украиналик расмийлар Дамашқ билан дипломатик алоқаларга чек қўйилиши хусусида июнь ойи охирида эълон қилишган. Бунга Украинадан ўзини мустақил деб эълон қилиб олган Донецк ва Луганск халқ республикаларининг Сурия томонидан тан олингани сабаб бўлган.

Ўшанда SANA агентлигининг Сурия ТИВдаги манбаси Башар Асад ҳукумати ДХР билан ҳам, ЛХР билан ҳам дипломатик алоқалар ўрнатиш юзасидан музокара бошлашини билдирган эди.

Сурияда айни пайтда Россиянинг ҳарбий контингенти жойлашган. Эрон билан бир қаторда Россия фуқаролик уруши йилларида Башар Асадга ҳарбий дастак беришган, бу эса унга ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолишда ёрдам берган. Аввалроқ Сурия аннексия қилинган Қримни ҳам Россиянинг бир қисми деб тан олган эди.