Дания пойтахтидаги савдо марказида амалга оширилган ҳужумда камида 3 киши қурбон бўлди

Копенгаген полицияси вакиллари воқеа жойида, 2022 йил 3 июли

Даниянинг Копенгаген шаҳри жанубида рўй берган отишма натижасида камида 3 киши нобуд бўлди, ўқдан яраланган яна 3 кишининг эса аҳволи оғир, дея хабар қилди Би-би-си.

Ҳодиса 3 июль куни Field's савдо марказида содир бўлган. Field's Даниядаги энг йирик савдо марказларидан бири бўлиб, унда 140 та дўкон ва ресторанлар жойлашган.

Полиция ҳодиса ортидан 22 ёшли даниялик йигитни қўлга олган, милтиқ ва патронларини эса мусодара қилган. Йигитнинг исми очиқланмаяпти, фақат унинг Данияда туғилгани маълум, холос. Полиция вакиллари ҳодисанинг террор хуружи бўлиши мумкинлигини истисно этишмаяпти.

Field's савдо маркази Royal Arena стадионининг ёнида жойлашган. 3 июль куни у ерда британиялик қўшиқчи Гарри Стайлзнинг концерти бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ шаҳар полицияси хавфсизлик нуқтаи назаридан концерт бекор қилинишини талаб қилган.