Дания қироличаси тахтни тарк этишини эълон қилди

Дания қироличаси Маргрете II

Дания қироличаси Маргрете II янги йилдаги телемурожаатида январь ойи ўрталарига бориб тахтни тарк этишини маълум қилди. Унинг тахтини валиаҳд шаҳзода Фредерик эгаллайди.

83 ёшли Маргрете 1972 йили тахтга чиққан. Британия қироличаси Елизавета ўлимидан кейин Дания қироличаси Европада энг узоқ вақтдан бери тахтни эгаллаб келаётган монархга айланган.

“Мен ҳозир айни вақти, деган қарорга келдим. 2024 йилнинг 14 январида – севимли отамнинг ўрнига тахтга келганимдан 52 йил тўлганидан кейин мен тахтдан кетаман”, деган Маргрете. У данияликларга дастак учун миннатдорлик билдирган ва улар унинг ўғлини ҳам шу йўсинда дастаклашига умид билдирган.

Маргретенинг 55 ёшли вориси тахтга Фредерик Х (ўнинчи – таҳр.) номи билан чиқади. У ҳам онаси каби расман тахтда немисларнинг Глюксбург сулоласини тамсил этади.