Davletovuz: Жиззахда 14 миллиард сўмлик лойиҳани амалга ошираётган Россия ширкати вилоят ҳокимининг қариндошига тегишли

Жиззах манзараси.

Жиззах манзараси.

Жиззах вилоятида 14 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган Россиянинг AAA INVESTMENT COMPANY ширкати тўлиғича жисмоний шахс Салиев Элбек Эргашевичга тегишли.

Телеграмдаги Davletovuz каналининг очиқ манбаларга таяниб билдиришича, AAA INVESTMENT COMPANY Россияда 2018 йил 20 февралда 1 миллион рубллик устав фонди билан рўйхатдан ўтган. Ўша йилнинг март ойида мазкур ширкат таъсислигида Ўзбекистонда AAA COMPANY МЧЖ қўшма корхонаси ташкил этилган.

“AAA INVESTMENT COMPANY a.k.a Салиев Шавкат Алибекович, шунингдек, Салиев Элбек Эргашевич билан 2018 йил апрелида 90/10 улушда METAN KOREA МЧЖ қўшма корхонасини ҳам очишган. Афтидан амаки-жияннинг бизнес ҳамкорлиги узоқ даврларга бориб тақалади. Улар 2011 йилда Фориш туманида FISH CO МЧЖ қўшма корхонасини 99,5%/05% улушида очишган”,-деб ёзади блогер.

AAA COMPANY МЧЖ қўшма корхонаси Дуоба қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида Туристик даволаш-соғломлаштириш мажмуаси ташкил этиши керак.
Davletovuz каналида таъкидланишича, мажмуа қиймати 14 миллиард сўм бўлиб, 7 миллиард компания ҳисобидан, 5 миллиард сўми Миллий банк кредитлари ҳисобидан, 200 минг долларлик чет эл инвестицияси ҳисобидан амалга оширилиши керак.

“Мазкур корхона томонидан Шароф Рашидов тумани, Учтепа қишлоқ фуқаролар йиғинида умумий қиймати 13 миллиард сўм бўлган лойиҳа амалга оширилган. ОАВда эълон қилинган реклама материалидан маълум бўлишича, Миллийбанк томонидан ажратилган кредит маблағи эвазига боулинг маркази ва 3D кинотеатр қурилиб, зарур жиҳозлар харид қилинган. 3D кинотеатр 2 та залдан иборат бўлиб, ҳар бири 50 та томошабинни ўз ичига олади”,-дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Салиев Элбек Эргашевич турар жой биноларини қуриш билан шуғулланадиган RISER SUN МЧЖнинг ҳам чорак улушига эгалик қилади.

Жиззах вилоятининг амалдаги ҳокими Салиев Эргаш Алибековичдир.