Табиат сирлари: Кариб денгизида камида 50 дельфин соҳилга ташланиб, ўз жонига қасд қилди

Калта сузгичли дельфинлардан камида 50 таси Кариб денгизидаги Британия Виржин ороллар тизимига мансуб Анегада оролида ўзини соҳилга ташлаб, жонларига қасд қилишди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Узунлиги олти метр, оғирлиги уч тоннагача бўлган бу дельфинларнинг ўз жонига қасд қилишларига нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқ эмас. Ўз жонига қасд қилган сув ҳайвонларини қутқариш бўйича халқаро биология ташкилоти аъзолари айни пайтда бу ҳодисани ўрганмоқда.

Шу кунгача китлар ва дельфинлар соҳилга ўзларини ташлаб ҳалок бўлишлари ҳодисаси фанга номаълумлигича қолмоқда. Олимлар бунга оғир касалликлар, зарарли сув ўсимликларининг гуллаши, кемалар билан тўқнашув, балиқ овлаш тўрларига илашиб қолиш, сувнинг ифлосланиши ёки сув остидаги кучли шовқин сабаб бўлиши мумкин деган эҳтимолларни олға суриб келади.

Фанга маълум бўлишича, дельфинлар жамоа бўлиб яшайдилар ва бир жамоа камида 25-50 дельфиндан иборат бўлади. Агар дельфинлардан бири соҳилга ўзини ташласа, қолганлари ҳам унга эргашади. Олимларнинг таъкидлашича, бу ҳолатда қолган дельфинлар ўзини соҳилга ташлаган дельфинга кўмак кўрсатиш ниятида бўладилар.

2022 йилнинг июнь ойи охирида Украинадаги “Тузловские лимани” миллий парки тадқиқот бўлими бошлиғи Иван Русев Қора денгиздаги ҳарбий ҳаракатлар оқибатида камида уч минг дельфин нобуд бўлганини билдирган эди.