Деновдаги мактабда 3-синф ўқувчисининг жасади топилди

Ўзбекистон Бош прокуратураси.

Сурхондарё вилоят прокуратураси ижтимоий тармоқларда тарқалган Деновдаги мактаблардан бирининг ҳовлисида 3-синфда ўқийдиган қизалоқнинг жасади топилгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлади, бироқ қизалоқ қотиллик қурбони бўлгани тўғрисидаги гумонларни рад этди.

Прокуратуранинг 28 сентябрда хабар беришича, дастлабки терговда Денов тумани “Буюк ипак йўли” маҳалласида яшовчи М.Қ., исмли аёл 27 сентябрь куни 2013 йилда туғилган З.Қ.,ни Сариосиё туманига олиб боргани аниқланган. Прокуратура аёл ўқувчи қизни Сариосиёга нега олиб борганини очиқламаган.

Сариосиёдан Деновга қайтилган пайтда З.Қ.,нинг соғлиги ёмонлашган. Аммо М.Қ., қизнинг “ҳаёти хавф остида қолганлиги ва ўзини-ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлганлигини англаган ҳолда унга ёрдам кўрсатмасдан” 15-мактабнинг ҳовлисига ташлаб кетган. Қизалоқ мактаб ҳовлисида вафот этган.

“Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 28 сентябрь куни Денов тумани прокуратураси томонидан М.Қ.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисми (хавф остида қолдириш одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган”,- дейилади прокуратура билдирувида.

Прокуратура аёл ўқувчи қизни нега Сариосиёга олиб боргани, қизалоқнинг аҳволи қай тарзда ёмонлашгани ва айнан қандай сабаблар оқибатида вафот этгани тўғрисида ҳеч қандай маълумот бермади.