Депутат Кушербаев: Ҳокимларнинг сайланишига халқ тайёр, раҳбарлар тайёр эмас

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев

Ўзбекистон халқи ҳокимларни сайлов йўли билан лавозимга келишига тайёр. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Yangiyo’lliklar TV лойиҳасининг “Гаплашамиз” дастури доирасида ўтказилган интервью чоғида билдирган.

Мен ҳокимлар сайлов йўли билан сайланишга тайёр эмас, деб ҳисоблайман. Ўзлари тайёр эмас, қўрқишади, “сайлов йўли билан қўйсам, мен ўтолмай қолсам керак, менга ким овоз беради”, деб ўйлашади”, деган Р. Кушербаев.

Унинг фикрича, етарлича саводхон бўлган халқ ҳокимларни сайлашга ҳозир, фақат бунга рухсат берадиган одамлар бунақа сайловга ҳозир эмас, чунки улар истаган одамни сайловчилар сайламаслиги мумкин.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари тасдиғи билан президент фармони ёки ҳукумат қарори асосида лавозимга тайинланади.