Депутатлар муҳокамаси: Конституциявий қонун лойиҳаси яна такомиллаштириладиган бўлди

Тошкентдаги парламент биноси

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 24 ноябрь куни бўлиб ўтган галдаги мажлисида депутатлар Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишларни муҳокама қилишган. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати маълум қилди.

Мажлисда мазкур масала юзасидан Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов ахборот бериб, Конституциянинг 76 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар, қолаверса, 15 та янги модда ва 1 та янги боб киритилаётганини урғулаган. Умумхалқ муҳокамаси давомида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан аҳолидан ҳамда фуқаролик жамияти институтларидан жами 150 мингдан ортиқ таклиф ва фикр-мулоҳаза келиб тушгани, уларнинг катта қисми ўрганилгани ва Конституциявий қонун лойиҳасида ўз аксини топаётгани қайд этилган.

“Мажлисда депутатлар Конституциявий комиссия ва масъул қўмиталар томонидан амалга оширилаётган ишларни эътироф этган ҳолда, халқимиз асослантирилган, ўйлаб таҳлил қилишга мажбур қиладиган кўплаб таклифларни бераётгани ва бундай таклифларни эътиборсиз қолдириш ёки уларга юзаки ёндашиш мумкин эмаслигини айтиб, Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир ишларни давом эттириш таклифини илгари суришди”, дейилган хабарномада.

Шундан келиб чиққан ҳолда депутатлар Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир ишларни давом эттириш ҳақида тегишли қарор қабул қилишган. Бироқ бу такомиллаштирув қачонгача давом этиши ҳозирча номаълум.

Конституцияга киритиладиган ўзгартишлар лойиҳаси шу йил 25 июнида эълон қилинган ва умумхалқ муҳокамасига 10 кун берилган эди. Аммо 1-2 июль кунлари Конституциянинг янги таҳририда Қорақалпоғистон мақомининг бекор қилинишига қарши Нукусда зўравонликларга айланиб кетган намойишлар ортидан Олий Мажлис муҳокама муддатини яна 10 кунга, ундан кейин эса 1 августга қадар узайтирган.

Президент Шавкат Мирзиёев октябрь ойи бошида Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида бўлиб ўтган йиғилишда сўзлай туриб, “Конституцияга ўзгартиришлар киритишда шошилишнинг ҳожати йўқлиги”ни таъкидлаган.

Мазкур қонун тайёр бўлганидан кейин мамлакат конституциясини ўзгартириш бўйича референдум ўтказилиши айтилган. Ҳозиргача расмий санаси эълон қилинмаган референдум президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириши кутилади.