Депутатлар оммавий тартибсизликларга чақирганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этишни таклиф қилишмоқда

Депутатларнинг оммавий тартибсизликларга чақирганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш ташаббуси ҳақида "Миллий тикланиш" раиси А. Қодиров (суратда) маълум қилди

Қонунчилик палатасидаги икки фракция оммавий тартибсизлик ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга чақирганлик учун жазо чораларини белгилаш таклифи билан чиқишди.

“Миллий тикланиш” партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров қайдича, Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” ва “Адолат” партияларининг фракциялари томонидан қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар ташаббуси биринчи ўқишда қабул қилинган.

Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-моддасига ўзгартириш киритиш назарда тутилган. Хусусан, мазкур моддада ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига фаоллик билан бўйсунмасликка, оммавий тартибсизликка ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват қилиш каби ҳуқуқбузарлик учун жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилмоқда.

Лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддасига 1-қўшимча киритилган. Унда фуқароларни Ўзбекистон қонунчилик ҳужжатлари талабларини бажармасликка ёки бузишга, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникациялар тармоқларидан, интернет жаҳон ахборот тармоғидан ҳамда матнни нашр этиш ёки бошқа шаклда кўпайтириш турларидан фойдаланган ҳолда оммавий даъват қилиш каби ҳуқуқбузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг олтмиш бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солинади.

Шунингдек, қонун лойиҳаси билан “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддаси 1-қўшимча билан тўлдирилмоқда. Унда веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган интернет жаҳон ахборот тармоғидаги саҳифасида:

  • оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонликка, белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишларда иштирок этишга даъват қилиш;
  • жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш;
  • жамиятга, давлатга, давлат рамзларига (миллий ва умуминсоний қадриятларга) ҳурматсизликни намоён этувчи беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиш;
  • порнография, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, шунингдек ўз жонига қасд қилишга даъват этиш;
  • вояга етмаган шахсларни уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига ёхуд ўзга шахсларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи ғайриҳуқуқий ҳаракатларни содир этишга ундашга ва бошқа тарзда жалб қилишга йўналтирилган ахборотни тарқатиш;
  • референдум тўғрисидаги ва сайлов ҳақидаги қонунчиликда назарда тутилган чекловларга риоя этмаслик;
  • фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини уларнинг розилигисиз жойлаштириш;
  • ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайти ва (ёки) веб-сайт саҳифаларининг, шу жумладан тезкор хабарлар алмашиш тизимларининг мониторингини ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ахборот ва материалларни аниқлаш мақсадида амалга ошириши таъқиқланмоқда.

Лойиҳа билан Ўзига хабар юборилиши учун интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига, шу жумладан тезкор хабарлар алмашиш тизимларига электрон почта манзилини, қонунни бузган ҳолда тарқатилаётган ахборот тўғрисида мурожаатлар юборилиши учун ўз исм-шарифининг бош ҳарфларида, фамилиясини (жисмоний шахс учун) ёки номини (юридик шахс учун) жойлаштириши;

  • ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ахборот аниқланган тақдирда, ушбу маълумотлардан фойдаланишни чеклаш чораларини дарҳол кўриши;
  • ўз веб-сайтида ва (ёки) веб-саҳифасида интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментининг домен номлари тизимида изоҳ берувчи шахслар турган мамлакатни идентификацияловчи ноёб манзил тўғрисидаги маълумотларни акс эттириши шарт эканлиги белгиланяпти.