Диний идора ўзбекистонлик мусулмонлар учун “Умра – 2022” мавсуми бошланганини очиқлади

Пандемия чоғида умра ибодатини адо этаётган зиёратчилар (архив сурати)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров жорий йилнинг 5 январь куни Саудия Арабистонидаги “Abu Sarhad” ҳамкор ширкати раҳбари Абусарҳад Носир Абдуллоҳ билан “Умра – 2022” мавсумини амалга ошириш бўйича шартнома имзолаган. Бу ҳақда ЎМИ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Диний идора қайдича, Ўзбекистонда умра сафарини ташкил этиш чораларини кўриш, ҳудудларда COVID пандемиясидан аввал навбатда турган фуқароларнинг имкониятларини ўрганиш, рўйхатларни қайта шакллантириш, авиақатновлар жадвалини ишлаб чиқиш ва зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари бошланган. Умра зиёратини ташкил этиш учун “Abu Sarhad” ҳамкор ширкати орқали Мадина ва Макка шаҳарларида зиёратчилар учун қулай шароитни ҳозирлаш, Икки Ҳарам масжидига яқин бўлган меҳмонхоналарни танлаш, замонавий транспорт ва бошқа хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш каби ишлар амалга оширилиши билдирилган.

ЎМИ айни кунларда Тошкент халқаро аэропортида норасмий шахслар алдовига учиб, ноқонуний йўллар орқали сафарга отланган кишиларнинг сохта ҳужжатлари сабабли умра сафари охирига етмай қолган ҳолатлари аниқланаётганидан огоҳлантириб, мўмин-мусулмонларни умрани бу борада ваколатли ташкилот бўлган диний идора орқали адо этишга чақирган.

Идора қисқа фурсатда умра сафарлари бошланиб, ҳудудлардаги навбатлар асосида белгиланган тўловларни амалга оширган, тегишли вакцинани олган ва Саудия Арабистонининг карантин талабларини бажарган фуқаролар тартиб билан зиёратга жўнатилишини қайд этган ҳамда умранинг бошланиш санаси ҳақида қўшимча хабар берилишини ваъда қилган, бироқ зиёратга бормоқчи бўлган мусулмонлар қайси вакциналар билан эмланган бўлиши лозимлигига аниқлик киритган эмас.

Аввалроқ коронавирусга қарши ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой вакцинаси билан эмланганлар Ҳаж ва Умра зиёратини адо этиш учун Саудия Арабистонига кира олмаслиги ҳақида хабар тарқалган эди.