"Док-1 Макс" иши бўйича суд ҳукми эълон қилинди

Тошкент шаҳри судида "Док-1 Макс" иши бўйича 23 нафар айбланувчига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Суд ҳукми 26 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 да ўқилди.

Суд қарори билан Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги собиқ директори Сардор Кариев 2,5 йилга давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 18 йилга қамалди.

Фармагентлик собиқ директорининг ўринбосарлари Амирхон Азимов ва Нодирбек Мусаев 2 йил 6 ой муддатга давлат органларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 16 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Quramax Medikal директори Рагневдра Пратар эса 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жазони ўтаб бўлганидан кейин Сингҳ Рагвендра Пратапни Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилади.

Тайинланган жазоларни умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Суд ҳукми билан Quramax Medikal МЧЖда турли лавозимларда ишлаган Б. Камбаралиев 3 йил 11 ой 18 кун озодликни чеклаш, Н. Мирзаахмедова шарли равишда 3 йил синов муддати билан 10 йиллик қамоқ, Э. Мирзаахмедов 4 йил муддатга озодликни чеклашга ҳукм қилинди.

“Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖнинг 12 нафар собиқ ходими ҳам турли муддатларга озодликдан чеклаш ва қамоқ жазоларига ҳукм этилди.

Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” бўйича жиноят иши судда ўтган йилнинг 11 августидан кўриб чиқила бошланган. Мазкур сиропни ичган болалардан камида 69 нафари вафот этган.