Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ҳузуридаги аҳлоқ комиссияси оғир атлетика бўйича миллий терма жамоа аъзолари Мансур Алмуродов (73 кг), Шахмердан Кемалов (+109 кг), Ҳаётбек Зокиров (96 кг), Маҳмудбек Юсупов (+109 кг), Ҳикматулло Фазлиддинов (81 кг), Фозилбек Жуманазаров (96 кг) ва Худоёр Мелиқўзиевларни (67 кг) 4 йилга дисквалификация қилиш ҳақида қарор қабул қилди.
Антидопинг агентлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур спортчиларнинг барчаси ўтган йилнинг 15 октябр куни Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон Чемпионати давомида допинг-тест топшириш учун танланган бўлиб, уларнинг допинг-синамаларида S.1 – Анаболик стероид гормонлар гуруҳига мансуб метандиенон, метастерон, тестостерон, канренон каби тақиқланган моддалар аниқланган.
Қайд этилишича, спортчиларнинг дисквалификация муддати 2021 йил 31 мартидан бошланиб, 2025 йил 30 мартига қадар давом этади.
Агентлик мусобақалардан четлатилган спортчиларнинг 2020 йил 15 октябридан бошлаб олган барча медаль ва бошқа совринлари ҳамда рейтинг очколари бекор қилинишини билдирган.