ДСҚ: Йил бошидан буён хорижий интернет-ширкатлар $400 мингдан кўпроқ солиқ тўлашди

Ўзбекистонда 2020 йили энг кўп ҚҚС тўлаган хорижий интернет-компания Facebook бўлган

Ўзбекистонда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган хорижий интернет-компаниялар 2021 йил бошидан бери 4,3 миллиард сўм солиқ тўлашган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси маълумот тарқатди.

Қўмита қайдича, жорий йил 1 апрелигача Ўзбекистонда 26 та хорижий ширкат қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган. Мазкур компаниялар орасида Facebook, Google, Apple каби IT-гигантларга тегишлилари ҳам бор.

ДСҚ маълумотига кўра, Facebook ўтган йили Ўзбекистон ғазнасига 5 миллиард 981 миллион сўм (шу кунги курс билан қарийб 570 минг АҚШ доллари) солиқ тўлаган.

Айни пайтда Google 3 миллиард 453 миллион сўм (қарийб $330 минг), Apple 1 миллиард 934 миллион сўм ($180 мингдан кўпроқ), Netflix 190 миллион сўм ($18 мингдан кўпроқ), Booking.com 181 миллион сўм ($17 мингдан кўпроқ), Яндекс эса 136 миллион сўм (қарийб $13 минг) ҚҚС тўлагани очиқланган.

Ўзбекистонда Google, Facebook, Apple, Netflix, Samsung, Яндекс кабилар дохил қатор ширкатлар ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.