Дубай амири собиқ хотинига жаҳон тарихидаги энг катта товон пулини тўлаб беради

Малика Ҳайё турмуш ўртоғи Дубай амири Муҳаммад билан. 2018 йил.

Дубай амири ва Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири Муҳаммад ал Мақтум собиқ хотини малика Ҳайё бинт ал Ҳусайнга 554 миллион фунт стерлинг ( 734 миллион доллар) миқдорида товон пули тўлаб бериши шарт. Бу ҳақда Лондон суди қарор қабул қилди.

Суд бу жаҳон тарихидаги энг катта миқдордаги товон пули эканини эътироф этмоқда.

Дубай амири суднинг қарорига муносабат билдирар экан, ҳеч қачон ўз рафиқаси ва фарзандларини таъминлаш ва парваришлашдан бош тортмаслигини айтди. Маликанинг адвокатлари эса суд қарорига муносабат билдиришни истамади.

Малика Ҳайё 47 ёшда. У Иордания қиролининг бир туғишган синглиси. У 2004 йилда Дубай амирига турмушга чиқди. У 72 ёшли Муҳаммад ал Мақтумнинг олтинчи хотини. Уларнинг бир қиз ва ўғли бор.

2019 йилда малика қизи ва ўғли билан Британияга қочиб кетган. Ўшанда Ҳайё британиялик бўлган тан соқчиси билан ишқий алоқада экани маълум бўлган.

Малика собиқ эридан товон пули талаб қилмаган, бироқ ўзи ва фарзандларининг тан соқчиларини, кийим-кечак ва озиқ-овқатини таъминлаш учун умрбод ҳаражатларни тўлаб беришни илтимос қилган. Малика бунинг учун эридан деярли 1,5 миллиард фунт стерлинг талаб қилган.

Товон пули бўйича бундан аввалги рекорд россиялик миллиардер Фарход Ахемедовнинг хотини билан ажрашиш жараёнига тегишли. Британия суди ўшанда Фарход Аҳмедовга хотинига 450 миллион фунт стерлинг товон пули тўлаш мажбуриятини юклаган.