Дуров Telegram “Ақлли овоз бериш” дастурини фойдаланувчилар манфаати учун блоклаганини иддао қилди

Telegram ўзи блокланиш хавфи остида қолгани туфайли Россия Давлат думасига сайлов чоғида “Ақлли овоз бериш” дастури ботига блок солишга мажбур бўлган. Бу ҳақда мессенжер асосчиси Павел Дуров маълум қилди.

Дуровга кўра, Telegram якка ҳолда ишлай олмайди, у сайлов арафасида Навальний иловасини блоклаб қўйган Apple ва Google каби ширкатлар билан боғланган бўлиб, улар белгилаб берган қоидаларга амал қилишга мажбур. Акс ҳолда, мессенжер iOS ва Android телефонларида ишламай қолиши мумкин.

“Telegram турли мамлакатларда ҳукуматга биринчи бўлиб қаршилик кўрсатиб келади ва зарур бўлганда улар билан жангга киришади”, дея урғулаган Дуров. Аммо, унинг айтишича, сайлов кунлари жанг қилиш учун ноқулай пайт бўлган.

Дуров ўз хабарида Россия қонунчилиги сайлов кунлари ташвиқот олиб боришни тақиқлашини ҳам эслатган. Telegram асосчисига кўра, бу “ғирт аксилконституцион” талаб ҳисобланмайди.

“Сайлов бошланиб бўлганидан сўнг ҳам сиёсий партия яна икки кун ташвиқот олиб бориш имконига эга бўлсин деган мақсадда Telegram’нинг барча россияликлар учун блокланишига йўл қўйиб бериш – бу аниқ ютиш стратегияси бўлмай туриб фарзинни пиёдага қурбон бериш билан тенг. Telegram’нинг юз миллионлаб фойдаланувчилари манфаатлари мен учун исталган сиёсий куч манфаатларидан ҳамиша қиёслаб бўлмас қадар юқори туради”, деб ёзган Дуров.

18 сентябрга ўтар кечаси Павел Дуров Россияда сайлов якунлангунга қадар Telegram сайловолди ташвиқотига алоқадор ботлар ишини чеклашини маълум қилган эди. Ўшанда, жумладан, “Ақлли овоз бериш” боти ҳам блокланган.

Сайлов олдидан Apple ва Google ўз онлайн дўконларидан “Ақлли овоз бериш” тавсияларини эълон қилувчи “Навальний” иловасини ўчирган. Apple ширкати буни Россия қонунчилигининг экстремистик деб топилган ташкилот контентини тарқатиш тақиқланганига оид талабини бажаргани билан изоҳлаган.

Google эса Россия ҳукумати ушбу ширкатнинг Россиядаги ходимларига жиноят иши очиш билан таҳдид қилгани ортидан иловани блоклагани ҳақида маълум қилинган.

Сайловдан сўнг Навальний Google, Apple, Youtobe ва Telegram’ни ҳукумат талаби билан “Ақлли овоз бериш” дастурини тўсиб қўйгани учун қаттиқ танқид қилган ва улардан “кўнгли қолган”ини айтган.