Душанбеда Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси очилди

Душанбедаги Ўзбекистон элчихонасининг очилиш маросимидан лавҳа, 2024 йил 19 апрели (president.uz фотоси)

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 19 апрель куни Ўзбекистон элчихонаси янги биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, бинонинг очилиш тадбири Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи доирасида ўтказилган.

Маросимда Мирзиёев мезбон президент Эмомали Раҳмон билан биргаликда рамзий тасмани кесган, шундан сўнг давлат раҳбарлари элчихона биносида дипломатлар учун яратилган шароитлар билан танишганлар. Маросим якунида икки президент элчихона Фахрий меҳмонлар китобига ўз тилакларини ёзиб қолдиришган.

Ўзбекистон президенти 18-19 апрель кунлари давлат ташрифи билан Тожикистонда бўлиши ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев билан Эмомали Раҳмон 18 апрель куни тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказишган, сўнгра икки давлат ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолашган.

19 апрель куни Ўзбекистон президенти Тожикистон Парламенти қуйи палатаси раиси Маҳмадтоир Зокирзода ва бош вазир Қоҳир Расулзода билан учрашган.

Шу куни Мирзиёев яна тожикистонлик ҳамкасби ҳамроҳлигида Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишган.

Шу билан Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи ўз якунига етган ва Ўзбекистон президенти Тошкентга қайтган.