Тожикистон пойтахти Душанбеда Озодликнинг тожик хизматида фаолият юритувчи икки журналист ёқилғи нархларининг ошишига оид сюжетни тасвирга олиш чоғида ҳужумга учради. Шаҳло Абдуллоева ва Муллоражаб Юсуфзодага 4 март куни автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларидан бирида ҳайдовчи билан суҳбатлашиб туришган пайтда ҳужум қилинган.
“Ўз вазифасини бажариб юрган Тожикистондаги икки мухбиримизга қилинган ҳужум мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолатдир. Биз Тожикистон милицияси мазкур нохуш ҳодиса юзасидан тўлиқ текширув ўтказиб, журналистларнинг шу кунда ва келажакда воқеаларни очиқ ва тўсиқсиз ёритиш ҳуқуқини таъминлашини кутмоқдамиз”, дея баёнот берди Озод Европа / Озодлик радиоси президенти Жейми Флай.
Озодлик мухбирларига кўра, улар ҳайдовчилардан бири билан автомобиль ёқилғиси нархларининг ошиши ҳақида суҳбатлашиб туришган пайтда АЁҚШ ходимларидан бири журналистлардан тасвирга олишни бас қилишни талаб қилган. Кейин у Шаҳло Абдуллоевани қаттиқ туртиб юбориб, қўллари билан видеокамера объективини тўсиб олган. Ҳодисани мобиль телефони орқали тасвирга олаётган Юсуфзода ўртага тушган чоғда АЁҚШ ходими унга ҳужум қилган. Ходим ширкат раҳбариятининг ёзма розилигисиз журналистлар АЁҚШ ҳудудида видеотасвирга олишга ҳақли эмаслигини билдирган.
Юсуфзодага кўра, улар АЁҚШ биносини тасвирга олган эмаслар, улар шунчаки бензин нархи кескин ошиб кетганидан шикоят қилаётган ҳайдовчилар билан суҳбатлашаётган эдилар, холос. Юзига енгил жароҳат етган журналист ҳужум ҳодисаси ортидан шифокорга борган.
Озодлик мухбирлари Тожикистон Ички ишлар вазирлигига ариза билан мурожаат этишган. Сино туман ИИБ терговчилари оммавий ахборот воситалари вакилларига ҳужум ҳодисаси бўйича дастлабки суриштирувни бошлаганлар.