Душанбеда Тожикистоннинг энг катта масжиди очилди

Душанбеда очилган энг йирик масжид

Душанбеда 8 июнь куни Тожикистоннинг энг йирик масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, масжиднинг очилиш маросимида мезбон президент Эмомали Раҳмон билан пайшанба куни Душанбега икки кунлик давлат ташрифи билан келган Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ас-Соний иштирок этган.

Тожикистон расмийлари бу йирик масжиднинг қурилишини мамлакатда диний эркинликка риоя қилинаётганига мисол ўлароқ кўрсатишмоқда, бироқ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва ғарб мамлакатлари тожик ҳукуматини диндорлар эркини чеклаётгани учун танқид қилиб келишади.

Янги жомеъ масжидининг қиймати, расмий маълумотларга кўра, 100 миллион долларни ташкил этган, бу маблағнинг 70 фоизини Қатар тақдим этган, 30 фоизи эса Тожикистон ҳукумати томонидан молиялаштирилган.

Масжид бир вақтнинг ўзида 133 минг намозхонни сиғдириши мумкинлиги, бундан 43 минги масжид биносининг ичида бўлиши айтилмоқда. 12 гектар майдонни эгаллаган жомеъ баландлиги 74 метр келадиган тўртта ва 21 метр келадиган иккита минораси бор. Масжиддаги асосий гумбазнинг баландлиги 43 метрни, 17 кичик гумбазлар баландлиги эса 35 метрни ташкил этади. Мажмуа катта ва кичик намозхоналар, кутубхона, музей, конференц-зал ва меҳмон қабул қилишга мўлжалланган залдан иборат.

Масжиднинг тамали ҳанафия мазҳаби асосчиси имом Абу Ҳанифанинг 1310 йиллиги нишонланган 2009 йил октябрида президент Эмомали Раҳмон томонидан қўйилган.

Жомеъ қурилиши 2011 йили бошланиб, 2019 йил кузида якунланган. Бироқ масжиднинг очилиши номаълум сабабларга кўра 2020 йил мартига кўчирилган. Кейинроқ коронавирус пандемияси туфайли очилиш маросими номаълум муддатга қолдирилган эди.