Душанбедаги концерт олдидан Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевга орден тақди

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Ш. Мирзиёев ва Э. Раҳмон (president.uz фотоси)

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 10 июнь куни расмий ташриф билан Душанбега борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни I даражали “Зарринтож” ордени билан тақдирлади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур мукофот Ш. Мирзиёевга “икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун” берилган.

Орден тақиш бўйича тантанали маросим Душанбедаги “Кўҳи Борбад” санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокидаги концерт аввалида бўлиб ўтган.

Ш. Мирзиёев маросимда қилган чиқишида ушбу мукофот катта ҳурмат ва ишонч ифодаси, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар эътирофи эканини таъкидлаган.

Сўнгра Ўзбекистон президенти икки мамлакат санъат усталарининг бу каби концертлари халқлар ўртасидаги абадий ва самимий дўстликни ифодаловчи яхши анъанага айлангани, санъат халқларни яқинлаштиришда муҳим ўрин тутишини урғулаган.

“Инсонга турли чегаралар ўрнатиш хос бўлса, санъат чегара билмайди, унинг буюк вазифаси – одамларни бирлаштириш. Меҳр-оқибатли бўлиш, тинч-тотув яшаш халқларимизнинг азалий орзуси ва самимий интилишидир. Биз ҳам, икки давлат раҳбарлари – ўртамиздаги чегаралар бизни ажратишга эмас, фақат бирлаштиришига хизмат қилиши учун бундан буён ҳам ҳаракат қиламиз”, деган Ш. Мирзиёев.

Шундан кейин Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида концерт бўлиб ўтган.

Президент Шавкат Мирзиёев тожикистонлик ҳамкасби Эмомали таклифига биноан 10 июнь куни Душанбега йўл олгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Пайшанба куни икки президент Самарқанд вилояти ва Хатлон вилоятида барпо этилган ижтимоий объектларнинг расман очилиш маросимида қатнашишган.

Ташриф доирасида икки мамлакат расмийлари ўртасида 36 та ҳужжат имзоланган.

11 июнь куни Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмон ҳамроҳлигида Тожикистоннинг Сўғд вилоятига бориши кутилмоқда.

Тошкент билан Душанбе ўртасидаги муносабатлар Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов даврида совуқлашган эди. 2016 йили Ўзбекистонда ҳокимият тепасига Мирзиёев келиши билан икки давлат ўртасидаги иқтисодий-сиёсий ва маданий алоқалар тиклана бошлаган.