ДХХ болалар ўлимига сабаб бўлган “Док-1 МАКС” ва “Амбронол” лаборатория синовларидан ўтказилмаганини билдирди

Давлат хавфсизлик хизмати болалар ўлимига сабаб бўлган “Док-1 МАКС” ва “Амбронол” препаратлари Ўзбекистонда тегишли тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмагани ҳақида баёнот тарқатди.

Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 МАКС” дори воситасининг ножўя таъсири оқибатида 20 чоғли бола вафот этгани ортидан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан “Quramax Medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” масъул шахсларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Хавфсизлик хизмати қайдича, дастлабки тергов ҳаракатлари давомида “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ масъул ходимлари томонидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат талаблари қўпол равишда бузилиб, ушбу дори воситалари белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмаганлиги натижасида сифатсиз препаратларнинг сотувга чиқарилишига йўл қўйилгани аниқланган.

“Жиноят иши доирасида “Quramax Medikal” МЧЖнинг 2 нафар раҳбар ходимлари ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖнинг 2 нафар масъул ходимлари гумонланувчи шахслар сифатида ДХХ Тергов ҳибсхонасига тегишли тартибда жойлаштирилган”, дейилган хабарномада кўрилган чора-тадбирлар натижасида Ҳиндистондан Ўзбекистонга импорт қилинаётган дори воситаларининг божхона назоратидан ўтказилиши тўхтатилгани ва дорихоналардаги мазкур препаратлар “Док-1 МАКС” ва “Амбронол” йиғиб олингани қўшимча қилинган.