Экопартия раиси Нарзулло Обломуродов Экология қўмитасига раҳбар бўлди

Ўзбекистонда президент тақиқига қарамай, юзлаб дарахтлар кесиб ташланган.

Экопартия раиси Нарзулло Обломуродов Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раҳбари лавозимига тайинланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг хабар қилишича, унинг номзоди мазкур лавозимга палатанинг 30 декабрь куни ўтган навбатдаги мажлисида маъқулланди.

2021 йил февраль ойидан бери Экологик партия Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси лавозимини бажариб келган Нарзулло Обломуродов 24 октябрда бўлиб ўтган президентлик сайловида номзод сифатида иштирок этган эди.

Сайловда у 670 минг 641 та овоз билан 4-ўринни эгаллагани расман маълум қилинган.

Кузатувчилар ва таҳлилчилар бу сайловни “Натижаси олдиндан маълум сайлов” сифатида эътироф этган. Сайловда “кўпчилик овоз олган” амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонгани билдирилган.