Экспертлар: Хитой Шарқий Европада таъсир кучларини “сотиб олмоқда”

Белграддаги ХХР раисига миннатдорчилик

Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларига Хитой сармоясининг оқиб келиши билан бирга ушбу мамлакатларда ҳуқуқий ва бошқарув мезонлари сустлашмоқда, шунингдек атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ вазият ёмонлашаётир. Болгариянинг Демократия тадқиқотлари маркази ҳисоботидан шундай маъно англашилади.

Ҳисоботда айтилишича, Хитой ширкатлари 2009 йилдан бери минтақа мамлакатларидаги ширкатларда улуш сотиб олишга қарийб 14 миллиард доллар сармоя тиккан. Сўнгги йилларда Хитой сармоясининг инфратузилмалар, энергетика ва телекоммуникация соҳаларидаги ҳиссаси шиддат билан ортиб, ҳозирда 50 миллиард долларга етган.

Хитойлик инвесторларга тез-тез имтиёзлар тақдим этилади, аммо уларнинг бозорга кириб келиши ношаффоф ва потенциал коррупциявий тусдаги ишлар билан боғлиқ ҳолда кечмоқда. Таъкидланишича, иқтисодиётда Хитой сармояси ҳажмининг ортиши билвосита ХХР сиёсий таъсирининг ўсишига олиб келяпти. Пекиннинг энг юқори фаоллиги Чехия, Венгрия, Босния, Черногория ва Сербияда кузатилади.

Хитойнинг Ғарбий Болқонга сиёсий ва иқтисодий таъсирини ёйиш маркази деб айнан Сербия кўрсатилмоқда. Бутун Марказий ва Шарқий Европа ҳисоботда хитой сармоясининг ЕИга кириш йўлидаги “орқа эшик” деб аталган.

Ҳисоботга кўра, Хитой Ғарбий Болқон мамлакатларининг ЕИга киришига халал беришга интилмайди, бироқ Хитой таъсирининг кучайиши, жумладан, шаффоф рақобат зарарига хитойлик ширкатлар учун имтиёз белгилаган қонун ва нормалар туфайли бу давлатларнинг Евроиттифоқ билан интеграция истиқболларига путур етади.

Бундан ташқари, Хитойнинг кўмир қазиб олиш соҳасига ётқизган сармоялари ва углерод ташланмалари миқдорининг ортиши ҳам ушбу мамлакатларнинг ЕИга киришига халал бериши мумкин, чунки бу ЕИнинг иқлим ўзгаришига қарши курашга доир узоқ муддатли стратегиясига хилофдир.