Экстремизм тарғиботида гумонланган ўзбекистонлик Жанубий Кореядан экстрадиция қилинди

Иллюстратив сурат

Тақиқланган диний-экстремистик ташкилотлар ғояларини тарқатганликда гумонланиб, халқаро қидирувга берилган ўзбекистонлик шахс Жанубий Кореядан бадарға қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Қидирувдаги шахс чет эл давлатининг телефон рақамидан фойдаланиб, янги профиль яратган, турли ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистонда тақиқланган диний-экстремистик ташкилотлар, ғоялар ва аудиоматериалларни тарқатган”, дея иддао қилинган хабарномада гумонланувчининг қайси вилоят ёки шаҳардан экани, унинг қандай қилиб Жанубий Кореяга бориб қолгани, қачон халқаро қидирувга берилгани, қайси экстремистик ташкилот, гуруҳ ёки шахсга оид материалларни тарқатганига оид тафсилотлар келтирилмаган.

Қайд этилишича, гумонланувчи шахс “Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси ходимлари ҳамда Интерполнинг Тошкент ва Сеулдаги ММБлари ҳамкорлигида амалга оширилган тезкор ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига топшириш учун” Жанубий Кореядан чиқариб юборилган.