Қирғизистон вилоятларида электр энергияси учун чеклов киритилди

Қирғизистон Миллий энергохолдинги мамлакат вилоятларида электр энергияси учун чеклов киритилгани тўғрисида 23 ноябрда маълум қилди. Расман билдирилишича, бунга Тўқтўғул сув омборидаги сув ҳажмининг ўта озайиб кетгани сабаб бўлган.

“Апрель-октябрь ойлари оралиғида электр энергиясига талаб 530 миллион кВт соатга ёки 10,4 фоизга кўпайган. Электр энергиясидан фойдаланиш бўйича белгиланган меъёрларга амал қилмаслик оқибатида Тўқтўғул сув омборидаги сув ҳажми электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин бўлмайдиган даражага етиб қолди”,-дейилади баёнотда.

Тўқтўғул сув омборидаги сув ҳажми камайиб кетгани ортидан жорий йилда Қирғизистон мисли кўрилмаган даражадаги энергетик инқирозга дучор бўлди.

Қирғизистон ҳукумати энергетик инқирозни бартараф этиш учун Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Россиядан электр энергияси сотиб олиш режасини ишлаб чиққан.